Халқаро Орол туризми ҳафталиги давом этмоқда

280

Аввал хабар берганимиздек, Қорақалпоғистон Республикасида халқаро Орол туризми ҳафталиги доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ҳафталикнинг иккинчи кунида Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида “Оролбўйининг эзгу ният элчилари” халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда 180 нафардан ортиқ иштирокчи – давлат идоралари, илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Оролбўйи экотизимини тиклаш, Орол денгизининг қуриган тубидаги ўрмонзорларни кўпайтириш, тупроқнинг шўрланишини камайтириш, сувдан оқилона фойдаланиш ва барқарор туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрмановнинг таъкидлашича, 2018 йилдан 2024 йилгача 1,8 миллион гектар майдон кўкаламзорлаштирилган. Бу асосан саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экиш ҳисобига амалга оширилди.

Анжуман доирасида иштирокчиларга Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш ва ҳудудни барқарор ривожлантиришга қаратилган ишларга бағишланган маърузалар тақдим этилди. Сўнгги йилларда энг муҳим экологик йўналишлардан бири бўлган Орол денгизининг қуриган тубини ўрмонзорлаштириш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Экспертлар ўрмонзорлаштириш учун фойдаланиладиган ўсимлик турлари, экиш технологиялари, шунингдек, экотизимни тиклаш ва минтақа аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш борасида эришилган натижалар ва ушбу тадбирларнинг келажакдаги салоҳияти ҳақида сўзлаб берди.

Мазкур халқаро илмий-амалий конференция айнан Оролбўйи минтақасидаги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни бошқариш ва барқарор ривожланиш соҳасида миллий, минтақавий ва халқаро инновацион тизимларни қўллаб-қувватлаш учун янги билимларни татбиқ этиш ва фанлараро тадқиқотларни амалга оширишга кўмаклашади.

Куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтган “Open-air” концерт дастурида Қорақалпоғистоннинг машҳур хонандалари ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар иштирок этди.Тадбир давомида миллий ва замонавий қўшиқлар, шунингдек, Орол мавзусидаги махсус мусиқий композициялар янгради.

Орол туризми ҳафталиги доирасидаги тадбирлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса Оролбўйи минтақасини янги туризм маскани сифатида танитишга хизмат қилади.

Бугун, шунингдек “10000 қадам” жамоатчилик лойиҳаси, кўчат экиш акцияси, бадминтон бўйича мусобақа, “Орол балиқларидан 99 хил таом” гастрономик фестивали, ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА  мухбирлари