Кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот

122

Қорақалпоғистон Республикаси солиқ бошқармаси томонидан Нукус шаҳрида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ташкил этилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ўтказилган тадбирда кичик ва ўрта бизнес вакилларининг мамлакат иқтисодий тараққиётидаги муҳим ўрни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ва тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувида белгиланган мақсад ва вазифалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, кичик ва ўрта бизнес мамлакатимизда иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналиш ҳисобланади. Шу боис бу борада фаолият юритаётган тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, фаолиятини ривожлантиришда бизнес вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топиш муҳим аҳамиятга эга.

Очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес тадбиркорларининг солиқ ҳисоботларини топшириш, имтиёзлардан фойдаланиш бўйича таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.