«Zamin Creative» ижодий студиясининг катта ютуғи

88

27 март – бутун дунё театр санъати мухлислари учун муҳим сана. Халқаро театр куни бутун дунё бўйлаб ижодий жамоалар, саҳна усталари ва театр муҳлисларини бирлаштирадиган байрам ҳисобланади. Бу кун санъатнинг инсон ҳаётидаги улкан аҳамиятини ёдга олиш, саҳна санъати орқали жамиятнинг турли муаммоларини ёритиш ва ижодкорларни рағбатлантириш учун хизмат қилади.

Шу тарихий кунда Нукус шаҳридаги «Zamin Creative» инклюзив ижод студияси катта ғалабага эришди. Улар «Турон» театр танловида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритишди. Ушбу муваффақият уларнинг ижодий қобилияти, меҳнати ва саҳна санъатига бўлган интилишининг натижасидир.

Танловда «Zamin Creative» ижодий студияси Ажиниёз Исмоиловнинг «Титроқ қалблар» номли таъсирчан асаридан парча ижро этишга қарор қилди. Ушбу асар инсон қалбидаги сезгирлик, меҳр ва қийинчиликларга қарамай, инсонпарварликни йўқотмаслик ҳақида ҳикоя қилади. Студия аъзолари ушбу саҳнани жонли, чуқур ҳиссиётлар билан ижро этиб, ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Танлов Тошкент шаҳридаги Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрида ўтказилди. Унда Нукусдан ташқари Қарши, Тошкент, Андижон ва Марғилондаги «Zamin Creative» ижодий студиялари ҳам қатнашди. Ҳар бир жамоа ўзининг ижодий маҳоратларини намойиш этиб, театр санъатининг муҳимлигини ёрқин тарзда акс эттирди.

Бу ғалаба улар учун янада катта лойиҳаларга йўл очиши мумкин. «Zamin Creative» ижодий студияси келгуси йилларда янада юқори марраларни забт этишга, янги ва таъсирчан спектакллар тайёрлашга тайёргарлик кўрмоқда.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси