Оролбўйига ҳуш  келдинг, Наврўз! (+видео)

222

Нукус шаҳридаги “Дўстлик” канали бўйидаги байрамона безатилган майдонда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида театрлаштирилган адабий-мусиқий байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирокчилар ва меҳмонларни Наврўзи олам билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, тарихдан барчамизга маълумки, шарқ халқлари учун Янги йилнинг бошланиши саналган Наврўз байрами қадим замонлардан буён алоҳида эъзозланиб ва қадрланиб келаётган энг улуғ айёмлардан ҳисобланади. Чунки, Наврўзнинг такрорланмас ўзига хослиги ва қадриятлари орадан қанча йиллар, асрлар ўтса ҳам авлоддан-авлодга миллий маданий мерос сифатида ўтиб келмоқда.

Бу йилги байрам тадбирлари Президентимизнинг махсус қарори билан шаҳар ва қишлоқларимизда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Айниқса, бу йилги Наврўз айёми муқаддас Рамазон ойида нишонланиши, қолаверса, муборак Жума кунига тўғри келишини халқимиз мўл-кўлчилик ва бараканинг рамзи сифатида ўзгача қувонч ва кўтаринки руҳ билан кутиб олмоқда.

Шундай қувончли дамларда инсонлар ўзларини табиатнинг ажралмас бир қисми эканини янада чуқур ҳис этиб, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва бугунги бахтли ҳаётимизнинг қадрига етиш каби эзгу мақсадлар атрофида жипслашмоқда. Айниқса, жорий “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”нинг ўзида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан халқимизнинг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Мана, ушбу байрам арафасида юртимизда эълон қилинган “Долзарб бир ойлик” доирасида Наврўз умумхалқ байрамини ва муборак Рамазон ойини кўтаринки руҳда ўтказиш, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, аҳоли томорқаларида сердаромад экинларни экиш, “Яшил макон” умумхалқ лойиҳаси доирасида турли дарахт кўчатларини экиш ва маданий тадбирларни ўтказиш каби эзгу ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Албатта, буларнинг барчаси мустаҳкам ҳамжиҳатлик ва она табиатимизга бўлган меҳр-муҳаббат самараси, деб биламиз.

Азалдан Наврўздан Наврўзгача режалар тузишни анъана қилган халқимиз бу йил ҳам катта умидлар боғламоқда. Чунки, кўп миллатли халқимиз ўтган бир йилнинг ўзида катта ўзгаришлар ва янгиланишларнинг, тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлгани билан алоҳида фахрлансак бўлади. Хусусан, Амударёда қиймати 379 миллиард сўмлик замонавий қўшма кўприкнинг, мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғлайдиган, 383 миллион долларлик Қўнғирот-Бейнеу автомобиль йўлининг янгидан қурилган 240 километр оралиғининг фойдаланишга топширилгани, кўп миллатли халқимизнинг дўстлик рамзига айланган – дунёдаги энг катта “Қора уй”нинг Нукус шаҳрида қад ростлаб, “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилгани, Президентимизнинг юртимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти биринчи марта Нукус шаҳрида шу ерда ўтказилгани, туризмни ривожлантиришда муҳим ўрин тутган “Нукус – Мўйноқ”, “Нукус – Истанбул” ҳамда “Нукус – Олмаота” йўналишлари бўйича авиақатновларнинг, шунингдек, “Нукус – Мангистау” йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилгани, ёшларимизнинг олий ўқув юртларига кириши учун қўшимча 10 мингта квота ажратилгани – халқимиз ҳаётида юз берган унутилмас қувончли воқеалар сирасига киради.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, биргина қорақалпоғистонлик тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида 10 та ҳужжат асосида 40 га яқин имтиёз берилди. Умуман берилган солиқ имтиёзлари натижасида ўтган йили қорақалпоғистонлик тадбиркорларнинг ихтиёрида 200 миллиард сўм қолдирилди.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан жорий йилда ҳам тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш бўйича илгари бўлмаган кўплаб янги имкониятлар яратилмоқда. Мана шу асосда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган халқимиз учун қўшимча шароитларнинг берилгани, Лойиҳаларни амалга ошириш маркази, Ташқи грантлар билан ишлаш бўлими ҳамда тадбиркорликка кўмаклашиш дирекцияси очилгани, шунингдек, саноатни ривожлантириш мақсадида қўшимча имтиёзли кредитлар ажратиш кўзда тутилгани сўзимизга яққол мисол бўлади. Қолаверса, 2026 йил якунига қадар 196 километр “Мискин – Нукус” темир йўл линияси тўлиқ электрлаштирилади. Нукус шаҳрида қиймати 78 миллион долларлик “Замонавий меҳмонхона ва конгресс-холл мажмуасини қуриш” лойиҳаси амалга оширилади.

Бундан ташқари, жорий йилда шаҳар ва туманларда давлат дастурлари доирасида жами 436 та объектда қарийб 1 триллион 500 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилади. Шу жумладан, 96 та оғир маҳаллани сув билан таъминлаш, ички йўллар ва электр таъминоти тармоқларида жами 319,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 11 триллион сўмлик 464 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади ҳамда 12 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Амалга оширилиши белгиланган лойиҳаларда 447 миллион долларга тенг хорижий инвестиция ўзлаштирилади.

Байрам давомида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри, “Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими, “Мақом” ансамбли, шаҳар ва туман маданият бўлимлари артистлари ҳамда раққосалари, олий ўқув юртлари талабалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.  Турли миллат вакиллари ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга файз бағишлади. Байрам тадбирлари доирасида турли спорт мусобақалари ҳамда миллий кийимлар, ҳунармандлар маҳсулотлари ва рассомлар кўргазмалари ташкил этилди.

Яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўзга бағишланган байрам тадбирлари Оролбўйининг барча туманларида давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА