Қорақалпоғистонга Корея компаниялари қизиқиш билдирмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев Корея давлатидан ташриф буюрган KIDL компанияси раиси Ким Дже Ён, Panapinto кўчмас мулкни ривожлантириш компанияси директори Ким Сон Ил, Mythings автоматлаштирилган бошқарув тизими компанияси директори Ли Сан Хо ва бошқа ўнга яқин компания вакилларидан иборат делегация билан учрашди.

Учрашув давомида ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори, халқ фаровонлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, минтақага берилган инвестициявий имтиёзлар ва мавжуд салоҳият хусусида ҳам сўз борди.
Мулоқотда қишлоқ хўжалиги, хусусан, иссиқхона шароитида интенсив усулда юқори ҳосил олишни йўлга қўйиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, музлаткичли омборхоналар барпо этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва агрологистика йўналишларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Корея давлати билан қурилиш, IT, таълим соҳаларини ривожлантириш, йирик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш каби масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси Қорақалпоғистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш доимо қўллаб-қувватланишини ва инвесторларнинг иш ўринлари яратишга қаратилган ташаббуслари учун барча имкониятлар сафарбар этилишини таъкидлади. Учрашув натижаларига кўра, келгусида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги