Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида юртдошларимиз учун байрам тадбири ташкил этилди.
Унда етмишдан ортиқ киши, жумладан, Путра, Халқаро ислом, Халқаро Вестминстер, Ислом фанлари, Осиё-Тинч океани технологиялар ва инновациялар университетлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, шунингдек, Малайзиянинг “PETRONAS”, “Google Malaysia”, “Data Micron Systems”, “Consolsys” каби компаниялари вакиллари иштирок этди.
Қатнашчилар мазкур тадбир Ватандан олисда байрам кайфиятини ҳис қилиш ва ушбу мамлакатда яшаётган, ўқиётган юртдошларимиз билан ўз қувончларини баҳам кўриш имконини берганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни доимий кузатиб бораётгани, Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар Малайзияда юртимиз билан ҳамкорликни кенгайтиришга тобора кучли қизиқиш уйғотаётганини қайд этди.
Тадбирда таомилга кўра, ош тортилди. Файзли дастурхон атрофидаги суҳбат қатнашчиларга катта хурсандлик бағишлади.
ЎзА