АҚШ Конгресс кутубхонасига “Ўзбекистон маданий мероси“ туркумидаги 50-жилдлик тўплам топширилди

АҚШ Конгресси кутубхонасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан нашр этилган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида“ туркумига оид 50 жилдлик китоб-альбомларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу воқеа Ўзбекистоннинг бой маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
Маросим давомида бу ноёб туркумнинг яратилиши Ўзбекистоннинг миллий тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш, шунингдек, уни жаҳон миқёсида фаол тарғиб қилишга қаратилган давлат сиёсатини акс эттириши таъкидланди.
Китоб-альбомлар туркуми Ўзбекистонга оид ва дунёнинг турли мамлакатлари музейлари ҳамда шахсий коллекцияларида сақланаётган санъат асарлари ҳақидаги кенг қамровли маълумотлар тўплами ҳисобланади. Ушбу нашрлар маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлашда, шунингдек, уни келажак авлодларга етказишда муҳим ўрин тутади.
АҚШ Конгресси кутубхонасининг Яқин Шарқ бўлими раҳбари Жоан Уикс хоним Ўзбекистон маданий меросининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини таъкидлаб, ушбу тўпламнинг топширилиши халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини айтди.
Жоан Уикс хонимнинг таъкидлашича, ушбу китоблар бутун дунё тадқиқотчилари ва олимлари учун қимматли манба вазифасини ўтайди.
Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ахборот хизмати маълумотларига кўра, тўпламнинг топширилиши АҚШнинг кенг жамоатчилиги ва илмий доираларига Ўзбекистоннинг бой маданий меросини чуқурроқ ўрганиш учун ноёб имконият яратади.
Бу воқеа Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаб, халқлар ўртасида илмий-маърифий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумот учун, 1800 йилда асос солинган АҚШ Конгресси кутубхонаси дунёдаги энг йирик кутубхона бўлиб, 170 миллиондан ортиқ нашрни, жумладан, китоблар, қўлёзмалар, хариталар, фотосуратлар ва аудио ёзувларни ўз ичига олади. У АҚШ миллий кутубхонаси ва АҚШ Конгресси ҳузуридаги илмий-тадқиқот маркази вазифасини бажаради.
Н.Усмонова, ЎзА