Фуқароларга пенсия тайинлаш янада осонлашди

215

АОКАда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғи Камолиддин Ҳожибеков иштирокида брифинг ўтказилди.

Мутахассисга кўра, 2025 йил 1 мартдан бошлаб пенсия ёшига етган фуқароларга пенсиялар “автоматик” тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда ва фуқаронинг мурожаатисиз тайинланади. Фуқаронинг шахсига оид барча маълумотлар вазирлик ва идораларнинг электрон базаларидан олинади.

Ёшга доир пенсияларни фуқаролар белгиланган ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибининг жорий этилиши давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Пенсия ёшига етган фуқарога қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида пенсия тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинганида унинг телефон рақамига “пенсия тайинлангани ва унинг миқдори” тўғрисида хабар юборилади. Агар фуқаронинг номига мобиль телефон рақами расмийлаштирилмаган бўлса, пенсионерга тегишли маълумотлар унинг яшаш манзили бўйича Ўзбекистон почтасининг электрон почта жўнатмалари ягона миллий тизими орқали етказиб берилади.

Шунингдек, пенсияга чиқмасдан иш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган ёки пенсия миқдоридан норози бўлган фуқароларга “автоматик” тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқи берилмоқда. Фуқаролар пенсия тайинланганидан, пенсия миқдоридан ёки пенсия тайинланиши рад этилганидан норози бўлган тақдирда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига тегишли тартибда ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Қайд этилишича, эркаклар 60 ёшга тўлганда, аёллар эса 55 ёшга тўлганда ёшга доир пенсия олиш имкониятига эга бўлади.

Агар пенсия тайинланиши рад этилса, фуқаронинг телефонига рад этиш сабаблари, қўшимча ҳужжатларни тақдим қилиш муддати ва қабул қилинган қарор юзасидан шикоятлар қилиш тартиби бўйича СМС-хабар юборилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА