Жасим Муҳаммад Ал-Будаивий Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири билан муносабатларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди

257

Мамлакатимиз ташқи сиёсатида халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш доимо эътибор марказида экани ўлароқ, куни кеча Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим Муҳаммад Ал-Будаивий Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан видеомулоқот орқали икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга доир масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ахборот агентлиги “SPA” маълум қилди.

Мақолада Ўзбекистон ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги муносабатлар муҳимлиги, хусусан, иқтисодий, сармоявий ва молиявий алоқаларни умумий манфаатларга эришиш йўлида ривожлантириш зарурлиги таъкидланган.

Мулоқот чоғида томонлар 2025 йил Самарқандда ўтадиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” иккинчи олий даражадаги саммитига пухта тайёргарлик кўриш ва шерикликни янада чуқурлаштириш масалалари, Марказий Осиё мамлакатлари билан 2023-2027 йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлаш, маданият, оммавий ахборот воситалари, ёшлар ва спорт соҳалари қўшма ҳаракатлар режасини муҳокама қилдилар.

М.Пирматова, ЎзА