Дания компанияси билан ҳамкорликда насослар ишлаб чиқариш масаласи муҳокама қилинди

155

Бугунги даврга келиб сувни тежаш, ундан замонавий технологиялар ёрдамида оқилона фойдаланиш замон талабига айланмоқда. Бу борада сувни бошқариш тизимлари, хусусан, насослар ўрнатиш ва самарали фойдаланишнинг аҳамияти ортмоқда.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси маълумотига кўра, ўтган йили юртимизга хориждан қиймати 250 миллион АҚШ долларига тенг насослар импорт қилинган. Бундан англаш мумкинки, ўсиб бораётган истеъмол даражаси талаб янада ошишига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб маҳсулотни маҳаллийлаштириш, етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш бўйича юқори турувчи давлат ташкилотлари мутасаддилари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Ишчи гуруҳ Даниянинг етакчи «Grundfos» компанияси мутасаддилари билан онлайн учрашув ўтказиб, ушбу масалани муҳокама қилди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, «Grundfos», бу – глобал миқёсдаги денгиз ва саноат соҳаларига мўлжалланган насослар, помпалар ва сувни бошқариш тизимлари ишлаб чиқарувчи йирик компания саналади. 1945 йилда Данияда ташкил этилган ушбу компания ҳозирда дунёнинг 55 та давлатида фаолият юритади. «Grundfos» асосан сувни ташиш, тозалаш ва назорат қилиш тизимларида ишлатиладиган ускуналар билан танилган.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, сув хўжалиги вазири ўринбосари Зокир Ишпўлатов, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов, «Ўзсувтаъминот» АЖ раиси Аҳмад Сувонқулов, «Grundfos» компанияси бош ижрочи директори Ҳамед Ҳейхат, минтақавий директори Майкл Ниэлсон ҳамда  «Грундфос Uzbekistan» раҳбари Фаррух Салоҳиддинов иштирок этди.

Мамлакатимизда сувни бошқаришнинг замонавий технологиялари, насослар ишлаб чиқаришда ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари, лойиҳани амалга оширишда давлат кўмаги ва кутилаётган натижалар муҳокама қилинди.

А.РУСТАМОВ,

ЎзА