Самарқандда V Миллий касблар чемпионати бошланди

213

Самарқандда “Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионати ўтказилмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда “Worldskills Uzbekistan” ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган мусобақада республикамизнинг барча вилоятларидан 146 нафар иштирокчи 4 та касб (ҳамширалик иши, сантехника технологияси, пайвандлаш технологияси ҳамда электромонтаж) бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказмоқда.

Жумладан, электромонтаж йўналишида 14 нафар, пайвандлаш технологияси йўналишида 15 нафар, сантехника технологияси йўналишида 14 нафар, тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик (ҳаширалик иши) йўналишида 25 нафар иштирокчи ғолиблик учун беллашмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тизимда ягона техникумлар тармоғи ташкил қилинди, – дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги касбий таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткиржон Алижонов. – Фармонда касблар бўйича, яъни «Worldskills» мусобақаларини ўтказиш, техникум ўқувчиларини халқаро мусобақаларга тайёрлаш ва иштирокини таъминлаш борасида аниқ вазифалар белгиланган. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионати ўтказилмоқда. Унда юртимиздаги 66 та техникумнинг энг моҳир ўқувчилари иштирок этмоқда. Мақсад энг маҳоратли мутахассисларни аниқлаб, уларни рағбатлантириш ҳамда Тайванда ўтадиган халқаро мусобақага муносиб номзодни аниқлашдан иборат. Шунингдек, мусобақа давомида ўқитувчилар учун ҳам алоҳида форум ташкил қилиниб, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар бўйича фикр алмашилади.

Чемпионатда 17-22 ёшли, “Worldskills ekspertligi sertifikati”га ўқиган ёшлар иштирок этиши мумкин.

Мусобақа низомига мувофиқ, мусобақада 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган иштирокчилар жорий йилнинг 23-27 ноябрь кунлари Тайванда ташкил этиладиган “WorldSkills Asia Competition Taipei 2025” халқаро касблар чемпионатида иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Улар халқаро мусобақага 4 ой қолганда сўнгги синовдан ўтказилади ва энг кучли бир нафар иштирокчи халқаро мусобақада иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритади.

– Пастдарғом туманидаги 4-политехникумда ўқийман, – дейди мусобақанинг пайвандлаш технологияси йўналиши иштирокчиси Асадбек Абдунабиев. – Ушбу касб бўйича ўқиш билан биргаликда немис тилини ҳам ўрганяпман. Касблар чемпионатида қатнашиб, ўз имкониятларимни яна бир бор синовдан ўтказяпман. Келгусида хорижга чиқиб, меҳнат қилишни мақсад қилганман.

“Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионати 31 январь куни якунланади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари