Маҳаллий кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли кучайтирилмоқда

155

Қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатни аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган давлатлар қаторида бўлишига эришиш мақсадида маҳаллий кенгашлар депутатларининг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилмоқда.

Маҳаллий кенгашларни тизимлаштириш ва функцияларини кенгайтириш мақсадида уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш, маҳаллий давлат ҳокимиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойилини илгари суриш юзасидан қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилди.

Маҳаллий вакиллик органларининг ташкилий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Уларнинг доимий асосда фаолият юритувчи котибиятлари ташкил этилди. Доимий комиссиялар Сенат қўмиталарига уйғун тарзда қайта шакллантирилди.

Бу фикрлар Сенатда “Маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш” мавзусида ўтказилган семинарда қайд этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ижро этувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишга оид 33 функция ва ваколати маҳаллий кенгашларга ўтказилгани қайд этилди.

Семинар доирасида маҳаллий кенгашларнинг коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссиялари маҳаллий кенгаш сессиясига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиши зарурлигига эътибор қаратилди.

Тадбирда муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикр ва тавсиялар билдирилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА