Кунига эллик тонна

213

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра ҳудудларда юқори авлодли уруғликлар етиштиришга ихтисослаштириш тизими жорий этилган.

Мазкур қарор ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифларига асосан ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, пахтачилик йўналишида 119 та туман, 390 та ҳудудлардан танлаб олинган 3172 та субъектларнинг 100 минг гектар ғўза майдонлари уруғлик пахта етиштиришга ихтисослаштирилди.

Айни кунда Ғиждувон туманида “Бухоро Агрокластер”га қарашли “Пахта уруғчилиги” МЧЖда ҳам эрта баҳор мавсуми чигит экиш ишларига пухта тайёргарлик бораётганини кўриш мумкин.

– Жамоа 60 кишилик ишчи-мутахассислардан иборат бўлиб, айни кунда истиқболли навларга мансуб пахта чигитини экиш олдидан кимёвий воситалар ёрдамида дорилаш, уруғни талаб даражасида сақлаш ишлари бажарилмоқда. Ҳар куни 50 тонна атрофидаги чигитни кимёвий дорилаб, буюртмачиларга етказиб беришда моддий-техник имкониятлардан унумли фойдаланмоқдамиз, – дейди “Пахта уруғчилиги” МЧЖ раҳбари Мирхон Умаров.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири