14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Ўз элини ёвдан қўриқлаган, юрт шаънини устун қўйиб, ўлимга тик боққан садоқатли инсонлар қадри ҳамиша улуғдир. Боиси ҳеч бир хизмат Ватанни ҳимоя қилиш каби чин маънода улуғворлик касб этмайди. Мардона курашиш, қаҳрамонлик кўрсатиш аждодларимиздан бебаҳо ҳаётий меросдир. 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан пойтахтимизда жойлашган муҳташам «Халқлар дўстлиги» санъат саройида тантанали маросим ташкил этилди.

Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, ҳарбийлар, шоир ва ёзувчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов ўқиб эшиттирди.

Президент табригида бугунги кунда барчамиз, қайси соҳада ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз шартлиги алоҳида таъкидланади.

Тадбирнинг бадиий қисмида Ватанимиз мадҳияси ижро этилди.

Шундан сўнг, Президентимиз ташаббуси билан армия тизимида таъсис этилган «Амир Темур жанговар байроғи» мукофоти ғолиб бўлган Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматовга тантанали равишда топширилди.

Дарҳақиқат, тарихимиз зарварақларига битилганки, халқимиз бошига оғир, синовли кунлар тушганда, унинг озодлиги, хавфсизлигини ҳимоя қилишга қодир мард фарзандлар душманга қарши мардонавор курашган. Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби саркардаларнинг номлари неча асрлар ўтсада, халқимиз қалбида мангу яшамоқда. Уларнинг жасоратини давом эттириб, юрт осойишталиги ва равнақига ҳисса қўшаётган мард ўғлонлар фаолияти тантанали маросимда яна бир бор улуғланди.

Шунингдек, тинч ва осуда юртни, истиқлолимиз ва шу йўлда толмай хизмат қилаётган мардлар, бурчига содиқ ҳарбийларни тараннум этувчи бадиий-мусиқий чиқишлар намойиш этилди.

– Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирда кўп марта иштирок этганмиз, – деди Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар кенгаши раиси, полковник Рустам Султонов. – Бу галги маросимда ҳарбийлар, санъаткорларнинг юрт ҳақидаги чиқишлари ҳар галгидан-да тўлқинлантирди, десам муболаға бўлмайди.  Кўплаб йўналишлар қатори ҳарбий соҳа вакилларига давлатимиз томонидан қаратилаётган эътиборни уларнинг кўзларидан ҳам англаш мумкин. Ҳақиқатда юракка етиб борадиган дастур намойишига гувоҳ бўлдик. Ташкилотчиларга бунинг учун миннатдорлик билдирамиз.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов иштирок этди.

Абдулазиз РУСТАМОВ, Аслиддин АЛИЖОНОВ, Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат), ЎзА