Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жонли ижро санъатини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан Маданият вазирлигининг жонли ижро санъатини ривожлантириш, санъаткор, ижодкор ҳамда ижрочиларни қўллаб – қувватлашга оид бир қатор ваколатлари белгиланмоқда.
Қонун билан тадбирлар ташкил этиш ва ўтказишда жонли ижро ёки фонограммадан фойдаланиш шакли ва даражасини аниқ белгилаш, ижрочилар томонидан фонограмма ва муаллифлик асарларидан фойдаланиш бўйича амалдаги қонунчиликка риоя этишларини мониторинг қилиш ҳамда миллий санъат ва маданият нуфузини оширишга хизмат қилаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, фонограммадан фойдаланиш даражаси ҳақида ахборот бериш тартиби, концерт-томоша тадбирининг дастурида ижрочилар ва асар муаллифлари аниқ кўрсатилиши шарт экани ҳамда концерт-томоша тадбири рекламасида фонограммадан фойдаланиш даражаси тўғрисидаги ахборот умумий реклама майдонининг (сатҳининг) камида ўн фоизини ташкил этиши тўғрисидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Концерт-томоша тадбирларида мусиқали ва бошқа асарларни ижро этишда фонограммадан фойдаланиш даражасига қараб ижрочилар томонидан ижро қилиш усуллари белгиланмоқда.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш самарадорлигини ошириш, жонли ижро санъатини ривожлантириш, истеъдодли ижрочиларни қўллаб-қувватлаш, жонли ижрони рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА