АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Канадани мамлакатнинг 51-штатига айлантириш ҳақидаги шов-шувли таклифи асносида икки давлат акс эттирилган харитани чоп этди.
“Оҳ, Канада!” – дея сиёсатчи имзо чеккан биринчи харитада Канада ҳудуди АҚШ билан бирга Америка байроғи рангларига бўялган.
Иккинчи харитада Канада штатлар билан бир хил ранг олган, қора ҳарфларда “Америка Қўшма Штатлари” сўзлари ёзилган. Суратда яна бир қўшни юрт – Мексика бошқа рангда белгиланган.
Трамп аввалроқ Бош вазир Жастин Трюдонинг истеъфога чиқиш нияти ҳақидаги баёнотига жавобан, Канадани Қўшма Штатларга қўшиш таклифини киритган эди. Унинг қўшимча қилишича, икки давлат бирлашса, савдо тарифи бекор қилинади, солиқ пасаяди, Оттавани ўраб турган Россия ва Хитой кемалари орқали келадиган тахминий таҳдидлардан тўлиқ ҳимоя кафолатланади.
Трюдо мамлакатнинг Қўшма Штатларга қўшилиши эҳтимолини қатъиян рад этиб, бу мутлақо мумкин эмаслигини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳар икки мамлакат ишчилари ва жамоалари ўзаро савдо ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликдан фойда кўради.
Трамп ниятига етиш учун куч ишлатишдан ҳам қайтмайдиганга ўхшайди, чунки сешанба куни у Гренландия ва Панама каналини назорат қилиш учун ҳарбий куч ишлатмасликка ваъда беришдан бош тортди. Шунингдек, Панама ҳукумати билан Панама канали масаласини ҳозирданоқ муҳокама қилаётгани, ушбу сув йўлини АҚШ назоратига қайтариш ниятидалигини ҳам маълум қилган.
Трампни тадбиркор Илон Маск икки қўлини кўтариб қўллаб-қувватлаяпти. “Агар Гренландия аҳолиси Қўшма Штатлар таркибига кирмоқчи бўлса, бу фикр мамнуният билан қабул қилинади”, деган миллиардер.
Бир неча кун олдин Трампнинг ўғли – кичик Дональд Гренландияга борди. Унинг оролга келиши шахсий ташаббус бўлса-да, сафар отасининг Вашингтон оролга эгалик қилиши “мутлақ зарурат” мазмунидаги даъвоси асносида кечгани мазкур масала атрофидаги шов-шув янада кучайишига сабаб бўлди.
– Гренландия гўзал!!! – деб ёзган у ўз ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Трамп ушбу режасини амалга оширишга яқин кунларда жиддий киришадиганга ўхшайди. Яқинда у Канада ва Мексикадан импорт қилинадиган маҳсулотларга юқори тарифлар жорий қилмоқчилигини маълум қилди.
– Мексика ва Канадага жуда жиддий бож тарифи жорий этиш ниятидамиз, – деди у Мар-а-Лагодаги қароргоҳида сўзлаган нутқида. – Ушбу икки қўшни давлат ҳудуди орқали АҚШга оқиб келаётган гиёҳванд моддалар ҳажми рекорд даражада ошган. Ушбу муаммони сезиларли бож орқали ҳал этамиз.
Трамп аввал ҳам гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш масаласини бир неча бор кўтарган. Шу аснода қўшни давлатлар билан савдо шароити кучайтирилиши зарурлигини ҳам айтган.
С.Раҳимов, ЎзА