Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг фаолияти билан шуғулланувчи биограф Сет Абрамсон миллиардернинг руҳияти муттасил заифлашаётганини ва у АҚШ учун хавфли бўлиб бораётганини таъкидламоқда, деб ёзди “The Daily Beast” нашри.

– Маск ақлдан озганига жиддий ишонаман. Унинг биографи сифатида сўнгги икки йил давомида унинг хатти-ҳаракатларини интернетда мунтазам кузатиб бораман. Фикримча, Маскнинг ўзи руҳий касалликлар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва ҳаддан ортиқ стресс таъсирига тушишини тан олишини ҳисобга олсак, ҳозирда унинг хаста эканлигидан қўрқиш учун асос бор, -дея Абрамсоннинг сўзларини иқтибос қилиб келтиради нашр.

Биографнинг сўзларига кўра, Маскнинг гўёки руҳий беқарорлиги нафақат иқтисодий соҳада, балки сиёсатдаги таъсири туфайли Америка жамиятини хавф остига қўймоқда. Яна унинг таъкидлашича, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ўз фаолиятининг сўнгги икки ҳафтаси давомида фавқулодда чоралар кўриши керак. У мамлакатни Маскнинг “ҳукмронлиги” оқибатларидан ҳимоя қилиш зарур, дейди.

Шунингдек, муаллиф АҚШ расмийларини Маск билан тузилган барча шартномаларни бекор қилишга, у томонидан илгари сурилган ҳукумат самарадорлиги департаменти  ташкил этилишига тўсқинлик қилишга ва миллий хавфсизликка таҳдид бўлган ҳолларда миллиардерга қарши федерал тергов ўтказишга чақирди.

Маск йиллар давомида сиёсий фаолликни ошириб борди. У ўзининг “Х” ижтимоий тармоғида мунтазам равишда Америка сиёсатига оид масалаларни шарҳлаб боради. Шу билан бирга, миллиардер аввал ҳам демократларни,  ҳам республикачиларни бирдек очиқ танқид қилиб, ҳеч бир партияни қўллаб-қувватламаслигини айтиб келганди. Аммо вақт ўтиши билан ўзининг қарашлар борган сари ўзгариб борди. 2024 йилда у Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлашини очиқ эълон қилди.

С.Раҳимов, ЎзА