Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида U-18 ўсмирлар ва U-20 ёшлар жамоалари ўртасидаги Халқаро гандбол федерацияси кубогининг Осиё қитъаси босқичи мусобақаларида Ўзбекистон жамоалари ҳар жиҳатдан муваффақиятли иштирок этди.

Муросасиз баҳсларга бой бўлган мусобақанинг финалида Ўзбекистон U-18 жамоаси Ҳиндистон U-18 термаси билан рўбарў келди. Қизиқарли ўйинда ўсмирларимиз мезбонларни аяб ўтирмади. Ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этган жамоамиз биринчи бўлимда 25:13 ҳисобида ғалабага эришган бўлса, умумий ҳисобда 47:23 кўринишида ғалабани тантана қилди.

Ушбу муваффақият Ўзбекистон U-18 жамоасига нафақат Осиё босқичи чемпионлигини, қолаверса Халқаро гандбол федерацияси кубогининг қитъалараро босқичига йўлланмани ҳам туҳфа қилди.

Ўсмир гандболчиларимизнинг ютуғидан руҳий қувват олган ёшларимиз финал ўйинида Қозоғистон U-20 жамоасини ишончли тарзда мағлубиятга учратди. Биринчи бўлимда 17:6 ҳисобида зафар қучган жамоамиз, умумий ҳисобда 38:18 натижасида ўз устунликларини таъминлади.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон U-18 ва Ўзбекистон U-20 жамоаси аъзоларига олтин медаллар ва турнир кубоги тақдим этилди.

Айтиш лозим, гандболчиларимиз мусобақа давомида 5 тадан учрашув ўтказиб, барчасида ғалаба қозонди. U-18 ёш тоифасида 2-ўрин Ҳиндистон, 3-ўрин Қозоғистон вакилларига тегишли бўлди.

U-20 баҳсларида эса кумуш медалларига Қозоғистон терма жамоаси, бронза медалларига ҳиндистонлик гандболчилар эга чиқди.

Т.Рўзиев, ЎзА