Улкан зафарлар ёр бўлсин сизга, спортчилар!

Ўзбекистон спорт делегацияси 18 август – 2 сентябрь кунлари XVIII ёзги Осиё ўйинларида иштирок этиш учун Индонезияга жўнаб кетди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни нуфузли мусобақага кузатиш учун спорт жамоатчилиги йиғилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортни ривожлантириш, ўғил-қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, халқаро майдонларда Ватан шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган ёш иқтидор эгаларини тарбиялаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётир. Бунинг самарасида спортчиларимиз нуфузли мусобақалар – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида мунтазам юқори натижаларга эришмоқда.

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинларида қитъамизнинг элликка яқин давлатидан ўн минг нафардан ортиқ спортчи ғолиблик учун куч синашади. Мазкур мусобақада ўзбекистонлик 232 нафар спортчи 30 спорт тури бўйича бўлиб ўтадиган баҳсларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

8.jpg

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисидаги қарори спортчиларимизнинг Осиё ўйинларига пухта ҳозирлик кўриши, улар учун муносиб шароит яратишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

– Мамлакатимиз спортчиларининг йирик спорт анжуманларида шоҳсупага кўтарилиши яхши анъанага айланган, – дейди таэквондо (WTF) бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин – Ишончимиз комилки, юртдошларимизнинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида эришадиган натижалари аввалги Осиё ўйинларида қўлга киритилган ютуқлардан юқори бўлади.

9.jpg

Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон спортчилари жаҳон майдонларида катта зафарларга эришмоқда. Халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, Осиё ўйинларида қатнашаётган ҳар бир спортчимиз ортида ўзини мана шундай юксак даражага етказган Ватанимиз, халқимиз турганини, яратилаётган шароитларнинг барчаси Президентимизнинг ёш авлод камолотига қаратаётган эътибори ва ғамхўрлиги туфайли эканини чин дилдан ҳис қилади. Мана шу туйғу уларга куч-қувват, ишонч бағишлайди. ХVIII Осиё ўйинлари ҳам Ўзбекистон спортчилари учун самарали бўлишига ишонамиз.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА