Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўсмирлар ва қизлар ўртасида бокс бўйича халқаро турнир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистондан 200 га яқин чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун рингга чиқди.

Вазни 46 килограмм бўлган боксчилар ўртасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Дилшод Абдуллаев барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Шунингдек, Шоҳрух Рўзибоев, Руслан Абдуллаев ва Логин Петров ўз вазн тоифаларида терма жамоамизга кумуш медаль келтирди. Умидли боксчимиз Шоҳжаҳон Абдуллаев 80 килограмм вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси биттадан олтин ва бронза, учта кумуш медалга эга бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА