Мусиқа маданияти маънавиятимизнинг муҳим таркибий қисмларидан бири. Бугунги кунда ота-боболаримиздан, аждодларимиздан қолган маънавий бойликларни, жумладан, мусиқий маданиятни авайлаб асраш, тиклаш қолаверса, замон билан ҳамоҳанг қадам ташлаш борасида катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, маънавий бойлигимизга бўлган эътибор давлат миқёсига кўтарилди. 2024 йил давомида кўплаб давлат тадбирлари, танловлар, концерт-томошалар ўтказилди.
Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида йил давомида фаол ижод қилган ва мухлислари учун янги қўшиқлар тақдим этган бир гуруҳ ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида илк бор “Ўзбегим-2024” миллий тақдимотининг тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари раҳбарлари, ижодкорлар ва таниқли санъаткорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Жорий йил давомида ўз ижоди билан халқ қалбидан жой олган қуйидаги бир қатор ижодкорлар 11 та номинация билан тақдирланди:
“Миллат куйчиси” – Фаррух Зокиров, Ғуломжон Ёқубов,
“Йилнинг энг фаол ижодкори” – Муҳаммадзиё,
“Йилнинг энг яхши эстрада гуруҳи” – “Беном” гуруҳи,
“Йилнинг энг яхши шоу концерти” – Лола Йўлдошева,
“Йилнинг энг яхши сўз устаси” – Aваз Охун,
“Йил қўшиғи” – Озода Нурсаидова,
“Йил янги овози” – Шоҳрух Эргашев,
“Эстрадамиз ностальгияси” – Dj Pilligrim,
“Йилнинг энг яхши аёл хонандаси” – Озода Нурсаидова,
“Йилнинг энг яхши эркак хонандаси” – Ҳамдам Собиров,
“Ватанпарварлик тараннуми учун” – Севара Назархон,
“Ўзбекконцерт” эътирофи” – Имрон, “Мавзули ёрқин қўшиқлари учун” – Осман Наврўзов,
“Ижодига нисбатан креатив ёндашувлари учун” – Шоҳруҳхон,
“Маданий тадбирлардаги фаоллиги учун” – Жаҳонгир Позилжонов,
“Ўзбек эстрада санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун” – Райҳон Ғаниева.
Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан, “Ўзбекистон халқ артисти” мукофоти билан тақдирланган Тожикистон Республикасининг истеъдодли ижодкори Нигина Aманқуловага маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан мукофот тантанали топширилди.
Ғолиблар uzbekkonsert.uz сайтида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра аниқланди. Бу очиқ ва шаффоф танлов тизими мухлисларнинг ўз севимли ижодкорларига овоз бериш имкониятини тақдим этди.
“Ўзбегим-2024” миллий тақдимоти – мусиқа маданиятимизни асраб-авайлаш, миллий санъатимизни ривожлантириш ва энг асосийси, келажак авлоднинг мусиқий тафаккурини шакллантиришда мустаҳкам пойдевор бўлади.
Биз учинчи минг йиллик ижодкорини, аввало, ижодий интилувчан, руҳий қадриятлар дунёсини илҳомлантирадиган, ўзининг мустақил дунёқарашига эга ижодкор шахс сифатида кўришни истаймиз.
Мазкур тантанали маросим Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг ёш ва иқтидорли ижрочиларни, эстрада хонандаларини, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, қўшиқларнинг бадиий савиясини ошириш, бадиий юксак мусиқа асарлари яратишни рағбатлантириш каби муҳим вазифаларини амалга ошириш йўлидаги яна бир қадам бўлди.
Тадбир нафақат ютуқларни эътироф этиш, балки кенг жамоатчиликка қадриятларга асосланган бугунги ўзбек санъатининг жозибасини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди.
“Ўзбегим-2024” миллий тақдимоти “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан биринчи маротаба ўтказилди.
Н.Усмонова, ЎзА