Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида “Тошкент – МДҲнинг биринчи ёшлар пойтахти – 2024” лойиҳасининг тантанали ёпилиш маросими ҳамда Халқаро волонтёрлар форуми ўтказилди.

“Ёшлар форуми-2024” доирасида ташкил этилган тадбирда МДҲ давлатлари етакчи волонтёрлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва Ўзбекистон волонтёрлик мактабларининг фаол аъзолари иштирок этди.

Форум давомида МДҲ давлатларидаги волонтёрлик фаолиятига бағишланган кўргазма ва Марказий Осиёдаги волонтёрликка оид БМТнинг биринчи шарҳи тақдим этилди. Йил давомида энг яхши натижаларга эришган волонтёрлар ҳам муносиб эътироф этилди. Шунингдек, волонтёрлар ва ташкилотчилар томонидан йил натижалари муҳокама қилиниб, келгуси ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Форум якунида “Тошкент — МДҲ ёшлар пойтахти” халқаро лойиҳасининг ёпилиш маросими ўтказилди ва 2025 йил учун бу эстафета Озарбайжоннинг Габала шаҳрига топширилди.

Гулноза Бобоева,

ЎзА