“Ренессанс” кино уйида “Олтин ҳумо-2024” Миллий кинотақдимоти маросимини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Aнжуманда Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази директори Фурқат Усмонов ва республикадаги давлат ва нодавлат теле ва радио каналларнинг мухбир ва журналистлари, босма нашрлар вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Aнжуманда 2024 йил давомида Кинематография соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, ишлаб чиқарилган янги фильмлар ва уларнинг тақдимотлари ҳақида сўз юритилди.
“Олтин ҳумо” Миллий кинотақдимоти кинематография соҳасининг турли йўналишлари бўйича 2024 йилда энг самарали меҳнат қилган ижодкорларни аниқлашда, уларнинг фаолиятини халқимизга янада яқинроқ таништиришда алоҳида аҳамият касб этиши билан диққатга сазовор.
Шундан сўнг, журналистлар “Олтин ҳумо-2024” Миллий кинотақдимоти ва унга қўйилган номинация ва номинантлар, маросимнинг ўзига хос хусусиятлари ва мазкур мукофотнинг маҳаллий кино санъатини ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида маълумот олдилар.
“Олтин ҳумо-2024” Миллий кинотақдимоти жорий йилнинг 26 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Н.Усмонова, ЎзА