Давлатимиз раҳбари томонидан бундан уч йил муқаддам имзоланган “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар йили белгиланган муддатларда аҳоли, ўқув муассасалари, ташкилот ва идора ходимлари ўртасида спорт синовлари ўтказилиб келинмоқда.

Айтиш лозим, жисмоний тайёргарлик даражаси халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш мезони саналибгина қолмай, ҳар бир инсон саломатлигини баҳолашда, аҳолининг баркамоллигини таъминлашда, мониторинг қилишда, миллий генофондимизни тизимли тарзда соғломлаштиришда муҳим аҳамиятга эгаки, бу, эришилаётган кўрсаткичларда ўз аксини топиб келмоқда.

Спорт синовларининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, уни муваффақиятли топширганлар “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони ҳамда ғолиблар I, II, ва III даражали дипломлар билан тақдирланмоқда.

Спорт вазирлигида жорий йил давомида республика ташкилотлари ва муассасаларида спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли топширган бир гуруҳ ходимларни тақдирлаш тадбири ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган спорт вазири Адҳам Икромов аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда ўтказиб келинаётган оммавий тадбирлар қаторида “Жисмоний тайёргарлик даражаси”ни аниқлашга қаратилган оммавий мусобақалар катта аҳамиятга эгалигига тўхталди.

Спорт синовлари ихтиёрий ва махсус талаблар асосида 11 та ёш тоифасидаги гуруҳларга бўлинган ҳолда ташкил этилгани, жойларда тадбирлар байрамона уюштирилгани, бу одамлар орасида соғлом турмуш тарзига кўникмани шакллантиришга хизмат қилаётганини эътироф этди.

Жорий йилги оммавий спорт синовлари мусобақалари қамрови янада ортгани мамлакатимизда саломатлигига бефарқ бўлмаётганлар сафининг ортиши сабабли эканини келтириб ўтди.

Дарҳақиқат, миллат саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу хайрли тадбир келгусида янада кенг қулоч ёйиши шубҳасиз.

Рақамларга эътибор қаратилса, жорий йилда аҳолининг 11,1 миллион нафари, шундан 4,6 миллион нафар аёллар оммавий спортга жалб қилиниб, ушбу кўрсаткич жами аҳолининг 29,8 фоизини ташкил этди.

Т.Рўзиев, ЎзА