Мамлакатимиз спортчиларини 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига тайёрлашда спорт федерацияларида амалга ошириладиган ишлар, ишлаб чиқиладиган дастурлар, манфаатли халқаро ҳамкорлик алоқалари муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, тегишли ташкилотлар томонидан ўтган давр мобайнида Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларининг умумий ҳолати таҳлил этилди. Зарур вазифалар белгиланиши юзасидан аниқ дастурлар ишлаб чиқилди.

Миллий олимпия қўмитасида ўтказилган Ўзбекистон ўқ отиш ва сузиш федерацияларининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияларида шу ҳақда сўз борди.

Дастлаб Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси йиғилиши ўтказилиб, мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов делегатларнинг овоз бериши натижасида мазкур федерация раислигига сайланди.

Конференция давомида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни таъминлаш Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи экани таъкидланди.

Ўзбекистон сузиш федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида ҳам яна уч йилдан кейин бўладиган Олимпия ўйинларига ҳозирлик масалалари таҳлил қилинди.

Мамлакатимизда барпо этилган сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш, иқтидорли спортчиларни саралаш, халқаро тажрибага эга бўлган чет эллик мутахассисларни жалб этиш, уларнинг тажрибасини ўрганиш хусусида сўз борди.

Билдирилган фикрлар асосида делегатларнинг таклифи ва овоз бериши натижасида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов федерация раҳбарлигига сайланди.

Т.Рўзиев, ЎзА