Жорий йил 20 ноябрдан 20 декабрга қадар мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари ойлиги бўлиб ўтди. Ойлик қандай ўтказилгани ҳақида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълумот берди:

– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ойлик доирасида  ўтказилган маърифий-ҳуқуқий ва халқаро тадбирларнинг барчаси БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси 45 йиллиги, Қийноқларга қарши конвенциянинг 40 йиллиги ҳамда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 35 йиллигига бағишланди.

Хусусан, миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ходимлари ва Ўзбекистон жазони ижро этиш тизими тиббиёт ходимлари учун Истанбул протоколига мувофиқ ишлаб чиқилган қийноқларни ва бошқа шафқатсиз муносабатларни суд-тиббий ҳужжатлаштириш тартиби” мавзусида тренинг ўтказилди.

18-22 ноябрь кунлари мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро судья ва БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси собиқ раиси Рената Винтер билан бир қатор учрашувлар ташкил этилди. Винтернинг юртимизга ташрифи давомида, шунингдек, “Қонун билан зиддиятда бўлган болалар учун озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чоралари ва жавобгарликдан озод қилиш” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказилди. Уни ўтказишда Болалар омбудсмани ва ЮНИСЕФ яқиндан ҳамкорлик қилди.

Ойлик доирасида “Мажбурий кўчириш: жадал урбанизация шароитида инсон ҳуқуқларини қандай кафолатлаш мумкин?” деган мавзуда жамоатчилик маслаҳатлашуви ўтказилди. Тадбир БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўз навбатида, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашнинг долзарб масалалари: жорий ҳолат ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

28-29 ноябрь кунлари “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Ушбу ўқув курсида Тошкент шаҳар прокуратурасидан 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан 50 нафар ходим ҳамда Тошкент шаҳар судининг 5 нафар судьяси тингловчи сифатида иштирок этди.

Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий технологиялар орқали реабилитация қилиш воситалари билан таъминлаш” мавзусида амалий семинар ўтказилди. Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация-техник воситалар билан таъминлашга бағишланган амалий кўргазма ташкил этилди.

“Инсон ҳуқуқлари ойлиги”нинг энг муҳим тадбирларидан бири – Миллий марказда “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг расмий очилиши бўлди. Ушбу тантанали тадбир Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Айни вақтда “Инсон ҳуқуқлари уйи”да бир қатор тақдирлаш ва тақдимот тадбирлари ўтказилмоқда. Миллий марказ ташаббуси билан нашр этилган «Эзгулик тақвими» номли китоб ҳамда Женева конвенцияларининг лотин имлосидаги ўзбек алифбосида чоп этилган илк тўплами тақдимотлари шулар жумласидандир.

Иккита анъанавий танлов –“Инсон ҳуқуқлари – болалар нигоҳида” танлови ҳамда “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” танлови ғолибларини тақдирлаш тадбирлари ҳам айнан “Инсон ҳуқуқлари уйи”да бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг 2024 йилги совриндорларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.

10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан жойлардаги турли таълим муассасаларида давра суҳбатлари, маҳорат сабоқлари ва умуммиллий дарсларни ташкил этишда Миллий марказ вакиллари фаоллик кўрсатганини қайд этиш лозим.

Эътиборли жиҳати, “Инсон ҳуқуқлари ойлиги” билан уйғун равишда Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 17 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси бўйича алоҳида дастур доирасида кўплаб маърифий-ҳуқуқий тадбирлар  ташкил этилди. Ушбу тадбирларнинг барчаси “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – эркин ва фаровон ҳаёт гарови” шиори остида  ўтказилди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА