Маълумки, белгиланган тартибга асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга ошириб келинмоқда.

Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси (лавозим) бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш педагог кадрлар томонидан Давлат хизматлари марказларига борган ҳолда ёки мустақил равишда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд тегишлилиги бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади.

Хўш, мактабда дарс бераётган педагог магистратурани тамомлаган бўлса, малака тоифаси учун аттестациядан қай тартибда ўтади?

Олий таълим тизими 5 йиллик ўқиш давридан иборат бўлган вақтда битирган педагогларнинг малака тоифасини олиш масаласи қандай ҳал этилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомига асосан олдин аттестациядан ўтмаган, ишга янги қабул қилинган педагог кадрлар ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрларга аттестацияга жалб этилгунга қадар қуйидаги тартибда малака тоифаси берилади:

бакалавр даражасига эга педагог кадрларга — мутахассис лавозими;

магистр даражасига эга мутахассислар, шунингдек, олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотли педагог кадрларга — иккинчи малака тоифаси;

фан номзоди, фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган педагог кадрларга — олий малака тоифаси.

Бундан англаш мумкинки, магистратурани тамомлаган педагоглар агар янги ишга кираётган бўлса, иккинчи малака тоифаси бўйича ишга қабул қилинади ва бу тоифа даражаси беш йил муддатга амал қилади.

Низомга мувофиқ, юқорида келтириб ўтилган педагоглар аттестациядан ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри малака тоифаси (лавозим) сертификатини олиш учун бевосита давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки pedkadr.uzedu.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилиши лозим.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА