Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев Нукус туманининг “Қутанкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ўзига бириктирилган хонадонларда бўлди.

Амалга оширилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари, хонадон эгаларининг янги йил олди кайфияти билан танишиб, муаммолари тингланди. Ушбу хонадон аъзоларининг бандлигини таъминлаш мақсадида паррандачиликни йўлга қўйиш, томорқадан унумли фойдаланишларига ҳам кўмаклашилган.

Мазкур уйларининг томлари таъмирланиб, иситиш тизимлари тўлиқ янгидан ўрнатилиб, хонадон совуқ кунларни беталафот ўтказишга шай ҳолатга келтирилган.

Шунингдек, прокуратура томонидан қурилиш соҳасида Давлат дастурлари ижроси аҳволи устидан тизимли назорат ўрнатилган. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг соҳавий ўринбосари томонидан Беруний ва Тўрткўл туманларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ижтимоий соҳа объектлари ва кўп қаватли уйларда бўлиб, тасдиқланган тармоқ жадвалларининг ижроси ўрганилди.

Масъулларга объектларни ўз муддатида ва сифатли топшириш, бюджет маблағларини талон-торож этилишини олдини олиш, ўқув муассасаларини қурилишини пудратчилар томонидан ишчи кучи ва махсус техникалар сонини кўпайтириш орқали жадаллаштириш, ишчиларни расмий секторга ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири