“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиалида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда филиал директори A.Нуримбетов 2024 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар, фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар ҳамда куз-қиш мавсумидаги ишларни уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича белгиланган режаларнинг бажарилиши юзасидан маълумот берди.

Таъкидланганидек, филиал балансида бугунги кунда узунлиги 22 минг 124,4 километрлик 0,4-110 кВ. электр узатиш тармоғи, 107 та подстанция ва 6 минг 400 та трансформатор пункти бўлиб, улар орқали 391 минг 822 та жисмоний ва 22 минг 30 та юридик шахс, жами 413 минг 852 нафар истеъмолчи электр энергияси билан таъминланиб келмоқда.

 

2024 йилнинг 11 ойи давомида 1 миллиард 809,9 миллион кВт соат электр энергияси қабул қилиниб, шундан электр энергиясини етказиб беришдаги технологик харажатлар 297,6 миллион кВт соат (16,4%) бўлиб, фойдали узатилган электр энергияси 1миллиард 512,3 миллион кВт соатни ташкил этди. Истеъмолчиларга жами 1 миллиард 522,4 миллион кВт соат, шундан улгуржи истеъмолчиларга 848,3 миллион кВт соат, аҳоли хонадонларига 674,1 миллион кВт соат электр энергияси ҳисоб-китоб қилинди.

2024-2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун ҳам бир қатор лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, бугунги кунга 2 минг 414,5 километр 0,4-110 кВ. электр узатиш тармоғи ва 703 дона трансформатор пунктида йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, режа 101 фоизга бажарилди. Шунингдек, узунлиги 4 минг 229,7 километр 0,4-110 кВ. электр тармоғида ва 1 минг 405 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.

Тадбирда иштирокчилар муқобил электр манбаларини жорий этиш, янги аҳоли пунктларини электр энергияси билан таъминлаш, жойлардаги трансформаторларнинг ҳолати ва бошқа масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири