Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Мактабгача ва мактаб таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
узлуксиз касбий ривожлантириш тизими, унинг мақсади ва асосий вазифалари;
узлуксиз касбий ривожлантиришнинг турлари ва уларни ташкил этиш тартиби;
узлуксиз касбий ривожлантириш сифатини баҳолаш ва назорат қилиш тартиби белгилаб берилган.
Маълумот учун:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2024 йил 21 июндаги ПҚ-231-сон қарорида:
а) мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилиниши;
б) Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўйсунувига ўтказилиши;
в) 2025 йил 1 январдан бошлаб:
мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими (вазирлик – малака ошириш муассасаси – таълим ташкилоти) йўлга қўйилиши;
мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларининг ходимлари учун беш йилда бир маротаба ишдан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий қилиниши белгиланган эди.
ЎзА