Тиббий туризм фуқароларнинг хорижда даволанишини мақсадли ташкил этиш, яшаш мамлакатидан ташқарида зарур тиббий хизматларни олиш имконияти ва усулларини яратиш, бир вақтнинг ўзида туристик ва қўшимча хизматлар кўрсатишни таъминлайдиган туризм йўналишидир.

Ундан кўзланган мақсад мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасини кенг ривожлантириш, ихтисослаштирилган хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасида ошириш, соҳага замонавий технология ва ускуналарни жорий этиш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш туризм пакетларини ишлаб чиқиш, тиббиёт соҳасини, турдош тармоқларни (туризм, логистика, маданият, умумий овқатланиш) ривожлантиришдан иборат.

Ўзининг бетакрор табиати ва иқлими туфайли мамлакатимиз азалдан Марказий Осиёдаги асосий дам олиш масканларидан бири бўлган. Соҳа вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистонга сайёҳлар нафақат кўҳна меъморий ёдгорликларни ва бетакрор табиат ва маданиятни томоша қилишга, балки соғлиғини тиклаш учун ҳам ташриф буюриши мумкин. Сайёҳлар учун тиббий хизматлар арзон нархда таклиф этилади.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 98,8 минг нафар чет эл фуқароси даволаниш мақсадида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 43,1 минг нафарга ёки 77,3 фоизга ошган.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, келгусида тиббий ва соғломлаштириш туризми имкониятларидан тўлиқ ҳамда самарали фойдаланиш, тиббий туризм кластерлари ва меҳмонхона типидаги замонавий санаторийлар фаолиятини йўлга қўйиш, ушбу фаолият турлари билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш мақсад қилинган.

Бунда “Консалтинг — диагностика — даволаш — туроператор — транспорт — тиббий таржимон” хизматларини биргаликда кўрсатадиган тиббий туризм кластерлари фаолияти йўлга қўйилади ва уларни рағбатлантириш механизмлари жорий қилинади. “Авиценна” номи остида Ўзбекистон Республикасининг тиббий ва соғломлаштириш туризми бренди ишлаб чиқилади. Тоифали (юлдузли) меҳмонхоналар типидаги санаторийлар фаолияти йўлга қўйилади ва уларни сертификатлаштириш тизими жорий қилинади. Тоғли, шифобахш балчиқ қатламлари бор ҳамда шифобахш сувлар қаторига киритилган ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик сув объектлари мавжуд бўлган ҳудудларда санаторий-курорт зоналари ташкил қилинади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА