Таиланд 2025йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатга кириш учун электрон виза тизимига (e-visa) ўтади.

– Мазкур виза тизими Таиланднинг барча 94 та элчихонаси ва бош консулликларида ишлайди, -деди мамлакат ташқи ишлар вазири Марит Сангемпҳонг матбуот анжуманида. – Бу визани олиш билан боғлиқ барча ҳаракатлар, шу жумладан ҳужжатларни тўлдириш куннинг исталган вақтида ва дунёнинг исталган нуқтасида онлайн тарзда амалга оширилишини англатади.

Шунингдек, вазир виза смартфон, планшет ёки компьютерга юклаб олинадиган ва ўлкага киришда паспорт назорати пайтида кўрсатилиши керак бўлган расм файли кўринишида бўлишини айтган.

– Бунинг учун веб-сайтга кириб, керакли ҳужжатларнинг сканерини илова қилган ҳолда анкетани тўлдиришингиз ва топширишингиз керак бўлади, -деган у.

Таиланд ТИВ раҳбарининг қайд этишича, тизим илғор ахборот технологиялари асосида қурилган бўлиб, у тезкорлик билан расмийлаштирилиши ва визалар берилишини, шунингдек, хавфсизлик ва зарур иммиграция назоратини таъминлайди.

– Электрон визага ўтиш Таиландга ташриф буюраётган чет эл фуқаролари сонининг доимий ортишига олиб келиши шубҳасиз, -дея хулоса қилди у.

С.Раҳимов, ЎзА