Бугун, 19 декабрь куни эрта тонгда Монте-Карлода ўтказилган профессионал бокс оқшомида ғалабага эришган боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Мексикалик Рикардо Эспиноса Франкога қарши баҳс олиб бориб, уни 3-раундда нокаутга учратган профессионал боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев ушбу жанг орқали WBA Interim камари соҳибига айланди.

Профессионал бокснинг энг енгил вазн тоифасида WBA ва IBF йўналишлари бўйича собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиевни кутиб олиш маросимида Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, тажрибали мураббийлар Раҳматжон Рўзиохунов, Элшод Расулов, Олимпия ўйинларининг икки карра ғолиби Баҳодир Жалолов, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кутиб олиш жараёнида Муроджон журналистларга берган интервьюсида навбатдаги жангини япониялик мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэга қарши ўтказишини айтиб ўтди.

– Кейинги жангим Иноуэ билан бўлиши йўлида ҳаракат қиляпмиз. Уни икки маротаба жангга чорлагандик, аммо у бошқа рақибларни танлади. Бунинг учун озгина вақт керак бўляпти. Япониялик боксчи келгуси йилнинг январь ойида австралиялик Сэм Гудман билан жанг ўтказиши лозим эди. Бироқ ҳозирда Гудманнинг жароҳати сабаб ушбу тўқнашув юз бермаслиги кутилмоқда. Вазият шу тарзда давом этса, Наоя Иноуэнинг биз билан жанг ўтказишдан бошқа чораси қолмайди, назаримда, – деди Муроджон Аҳмадалиев.

Айтиш лозим, ҳозирги пайтда The Ring рейтингида япониялик боксчи 1-ўринда бораётган бўлса, ҳамюртимиз Аҳмадалиев 2-поғонани банд этган. Австралиялик Сэм Гудман 3-ўринда қайд этилган.

Т.Рўзиев, ЎзА