Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланди.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:
ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқишлари, шунингдек, эришилган спорт натижалари ҳамда мавжуд спорт инфратузилмасидан келиб чиқиб, спорт мактабларини спорт турларига ихтисослаштириш амалиёти жорий этилади;
спорт мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозими жорий этилади;
ҳар бир оммавий спорт бўйича тренер-селекционерга 5 тагача маҳалла ва унинг ҳудудидаги давлат таълим муассасалари бириктирилади;
оммавий спорт бўйича тренер-селекционер ўзига бириктирилган ҳудудда ёшлар етакчилари ҳамда жисмоний тарбия ўқитувчилари билан ҳамкорликда «Беш ташаббус олимпиадаси», «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари ва бошқа оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиб боришга масъул ҳисобланади.
Спорт мактабларида «Face ID» тизими орқали тренерлар ва спорт билан шуғулланувчиларнинг кунлик давоматини электрон мониторинг қилиб бориш ҳамда тренерларнинг иш ҳақи миқдори ўқувчи-спортчилар давоматидан келиб чиқиб белгиланиши йўлга қўйилади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ҳудудлардаги олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари фаолияти қуйидаги янгича тартибда ташкил қилинади:
олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари негизида спорт турлари бўйича маҳорат мактаблари ташкил қилинади;
маҳорат мактаблари фаолияти спорт турлари бўйича иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш ва уларни терма жамоаларга асосий номзод сифатида тайёрлашга йўналтирилади ҳамда алоҳида спорт турларига ихтисослаштирилади;
маҳорат мактаблари ўқувчи-спортчиларининг умумий контингенти жами 150 нафардан кўп бўлмаган миқдорда 7-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади;
маҳорат мактаблари ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатнома берилади;
маҳорат мактабларида озиқ-овқат билан таъминлаш харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўлови ундирилмайди.
Маҳаллаларда спорт тўгаракларини ташкил этган тренерларга ўзи тайёрлаётган спортчиларни «ERP-Sport» ягона электрон бошқарув тизимида рўйхатдан ўтказиш имконияти яратилади. Мазкур тренерларга ўзини ўзи банд қилиш ҳуқуқи берилади ва ўз ҳудудидаги спорт мактабига бириктирилади.
ЎзА