Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2024 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳа хизматлари сифатини янада ошириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган. Унга кўра 2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Хусусан, қонунда ўрта муддатда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик вазифасидан келиб чиқиб, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431,0 триллион сўм, харажатлар эса 480,5 триллион сўм миқдорида шакллантирилган.
Давлат бюджети даромадлари 308,5 триллионн сўмни, харажатлари эса 344,8 триллионн сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 66,4 триллион сўм ва 62,8 триллион сўм миқдорида режалаштирилмоқда.
Қонунда кейинги йилда ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган бўлиб, Давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи ёки 177,7 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда.
Сенаторлар қонунни муҳокама қилиш жараёнида бюджет даромадларини оширишга, бюджет маблағларини мақсадли сарфлашга алоҳида эътибор қаратди ва ўз фикрларини билдирди.
Қонунда 2025 йил учун Давлат бюджети харажатларида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 3,6 триллион сўм кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 41,3 триллион сўмни ёки 2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 19,8 фоизга ошган ҳолда ажратиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида 2025 йилда ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда давлат аҳамиятига молик тадбирларни амалга ошириш бўйича белгиланган тадбирлар учун ҳам маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида қонунда бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, мамлакатимизда аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, табиатни асрашни рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратилганини таъкидлади.
Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра ялпи мажлис давомида “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.
Қонун билан 2025 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш, шу жумладан, амалдаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш, Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида бизнес юритишни енгиллаштириш юзасидан белгилаб берилган вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида айрим қонунчилик ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
2025 йил учун белгиланган солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкалари қўшилган қиймат солиғи 12 фоиз, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи 0,95 фоиз, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ 1 куб метрга 100 сўм, ижтимоий солиқ 12 фоиз (бюджет ташкилотлари – 25 фоиз), айланмадан олинадиган солиқ 4 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилмоқда.
Қонун қабул қилиниши натижасида тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитларни яратишга имкон берадиган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солиниши таъминланади.
Қайд этилганидек, солиқ сиёсатида асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаб қолган ҳолда аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилишни рағбатлантириш йўналишлари назарда тутилмоқда.
2025 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлар учун солиқ юкини камайтириш орқали қулай бизнес муҳитини яратиш мақсадида мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи бекор қилинмоқда ҳамда барча нашриёт ва матбаа корхоналари 2025 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар фойда солиғидан озод этилмоқда.
Қонунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий бюджетга оид ваколатлари кенгайтирилган. Уларга туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий солиқ ставкасини энг кам ва энг юқори ставкалар (диапазонда) доирасида белгилаш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳамда норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига оширувчи ва камайтирувчи коэффициентлар қўллаш ваколатлари берилмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида қонунда бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, солиқ сиёсатини белгилашда соғлом турмуш тарзини яхшилаш ва табиатни асрашни рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратилганини таъкидлади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама этилди.
Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашини таъминлаш мақсадида таълим соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқ, ҳатто чекка-чекка ҳудудларда ҳам ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш борасида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни, маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни ҳал этиш ҳамда давлат аҳамиятига молик тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг солиқ, божхона ва бюджет қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилотининг талаблари билан уйғунлаштириш юзасидан қатор чоралар кўриляпти.
Қонунда тадбиркорлик ва кичик бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банкларининг устав капиталини ошириш учун 2,5 триллион сўм, маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга 1,3 триллион сўм, таълим кредитига бўлган талабнинг юқорилиги ҳамда ўтган йилда юзага келган қарздорликни қоплаш учун Таълим кредитини молиялаштириш жамғармасига 840,5 миллиард сўм қўшимча равишда ажратиш белгиланган.
Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва давлат аҳамиятидаги тадбирларни амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасига 524,8 миллиард сўм, Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 200 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Қонунда бир-бирини такрорловчи штатлар бирликлари қисқартирилгани ҳисобига бюджет маблағлари тежалаётгани ҳамда объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга режалаштирилган маблағлар ҳамда жорий йил бюджет харажатларини ўзлаштириш имкониятларидан келиб чиқиб, айрим харажатлар мақбуллаштирилмоқда.
Қонунда республика бюджети харажатлари қарийб 10 триллион сўмга оширилмоқда.
Сенаторлар 2024 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилаётган барча ўзгартиришлар республика бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли, самарали ҳамда натижага йўналтирилган ҳолда сарфланишига, долзарб муаммоларнинг ечимини топишга ва уларни маблағ билан таъминлашга қаратилганлигининг муҳимлигини таъкидлаб, ушбу қонунни маъқуллади.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати