Юртимизда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан кўзланаётган мақсад аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда давлат тиббий суғуртаси механизмларини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий қилишдан иборат.

Ушбу йўналишдаги ишларнинг давоми сифатида эндиликда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи ташкилот ва унга бириктирилган фуқаролар ўртасида битим имзоланиши белгиланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бу ҳақда вазирлик томонидан тегишли буйруқ қабул қилинди.

Унга кўра, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи ташкилот ва унга бириктирилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган чет эл фуқаролари, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар (вояга етмаганлар учун ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари) ўртасида тузиладиган битим шакли тасдиқланди.

Битимга кўра, аҳолига соғлом турмуш тарзига риоя этиш, ўз тиббий саводхонлигини ошириш, шифокор кўрсатмаларига амал қилиш, профилактик ва скрининг кўриклардан белгиланган муддатларда ўтиш талаблари қўйилади.

Оилавий шифокорга эса аҳолини белгиланган тартибда қабул қилиш ва маслаҳат (ёки йўлланма) бериш, тиббий хизматларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ҳажмда кўрсатиш, дори воситаларини тўғри тайинлаш, касалликларни эрта аниқлаш, соғломлаштириш тадбирларини амалга ошириш каби мажбуриятлар юклатилади.

Битимларни имзолаш 2024 йил 1 декабрдан Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда амалга оширилиши бошланди.

Мазкур чора-тадбирлар давлат тиббий суғуртаси механизмлари 2025-2026 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2025 йил 1 январдан бошлаб бажарилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА