Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Саудия Арабистонига ташрифи доирасида UNDESA раҳбари – BMTнинг Бош котиби ўринбосари Ли Сзянхуа билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ли Сзянхуа мамлакатимизда электрон ҳукумат соҳасининг ривожланиш ҳолати ва бу борада БМТнинг электрон ҳукумат ривожланиши рейтингида Ўзбекистон ўрнини ошириш, 2030 йилга қадар ТОП-30 давлатлар қаторига киритиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон жорий йилда Электрон ҳукумат рейтингида 6 поғонага юқорилади. Индекснинг жуда баланд (Very High EGDI) гуруҳига қўшилгани, аввалги рейтингда 18 поғонага кўтарилиб, умумий 24 поғонага кўтарилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашувда Самарқандда ўтказиладиган БМТнинг Давлат хизматлари форумига тайёргарлик ишлари, форум мавзуси ва асосий маърузачилар бўйича фикр алмашилди.
Бундан ташқари, АКТ инфратузилмасини такомиллаштириш, электрон ҳукумат рейтингида Ўзбекистоннинг ўрнини янада яхшилаш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, рақамли трансформация орқали барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш ҳамда барқарор, инклюзив ва рақамли ривожланишга эришиш бўйича биргаликда янада фаол ҳаракат қилишга келишилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА