Италиянинг Милан ва Кортина шаҳарларида 2026 йилнинг 6-22 февраль кунлари XXV қишки Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади.
Халқаро конькичилар иттифоқи (ISU) фигурали учиш спорт тури бўйича мазкур Олимпия ўйинлари учун саралаш турнирини 2025 йилнинг 17-21 сентябрь кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилди.
Биз учун аҳамиятлиси шундаки, ушбу саралаш турнирида фигурали учишнинг спорт жуфтлиги йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Екатерина Гейниш ҳамда Дмитрий Чигирев ҳам иштирок этиши мумкинлигидир. Шуни таъкидлаш жоизки, Екатерина ва Дмитрий жорий йилнинг октябрь ойида Канада мезбонлигида ўтган Гран-при босқичида 189,65 балл тўплаб кумуш медалга эга чиқди. Ҳозирда бу жуфтлик жаҳон рейтингида 38, мавсум рейтингида эса 12-ўриндан жой олган.
Умид қиламизки, Екатерина Гейниш ҳамда Дмитрий Чигирев 2025 йили ISU томонидан ўтказиладиган “Skate America”, “Cup of China”, “Skate Canada”, “NHK Trophy”, “Grand Prix de France”, “Finlandia Trophy” каби Гран-при босқичларида ва Хитойда ўтадиган квалификацион турнирда муваффақиятли иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА