Бош прокуратурада фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси фаолият юритади.
Мазкур бошқарма томонидан 2022-2023 йиллар ва жорий йилнинг ўтган даврида банк тизимига ишга тиклаш билан боғлиқ низолар бўйича меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши аҳволи таҳлил қилинди.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича судларда 309 иш кўрилиб, шундан судлар томонидан 168 нафар ходим ишга тикланган.
Хусусан, суд қарорлари билан банк идораларига ишга тикланган шахсларга иш ҳақи ва етказилган маънавий зарар учун жами 3,4 миллиард сўм ундирилиши белгиланган ва шундан 2 миллиард сўм тўлаб берилган.
Шунга кўра, банк тизимидаги масъул мансабдор шахслардан 186 миллион сўм давлатга етказилган зарарни регресс тартибида давлат фойдасига қайтариб ундириш ҳақида прокуратура органлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга прокурорларнинг 40 та даъво аризаси киритилди.
Шу билан бирга, меҳнат қонунчилиги талаблари бузилгани юзасидан Марказий банк раиси номига тақдимнома киритилиб, масъуллар иштирокида муҳокама қилинди.
Меҳнат қонунчилиги ҳужжатларига тўлиқ риоя этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА