Давлат томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтожларга алоҳида эътибор қилинади ва “Солиқ” мобил иловаси орқали ижтимоий кешбэк олиш ҳуқуқи берилган. Демак, ижтимоий кешбэк олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан айрим товарларни сотиб олганда харид суммасидан 1 фоиз миқдордаги кешбэк ўрнига, 12 фоиз ҚҚС суммасини қайтариб олишлари мумкин.
Жорий йилдан рўйхатга яна 4 турдаги маҳсулотлар қўшилди. Бугунги кунда ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига қўй гўшти, парранда гўшти, мол гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари, тиббий хизматлар киради.
ҚҚС суммасини қайтариш учун «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган истеъмолчи “Солиқ” иловасини юклаб олиб, Face ID ёрдамида рўйхатдан ўтади ва иловада харид чекининг QR-кодини сканерлаши керак. «Ижтимоий кешбэк»ни «Кешбэк ва имтиёзлар» бўлимида кузатиб бориш мумкин.
ҚҚС қайтаришда қуйидагилар ҳисобга олинади: харид қилинган товар ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига киритилгани, харидор «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилгани, тадбиркор ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтгани.
ҚҚС суммасини чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейин ойнинг 25 санасидан сўнг “Солиқ” мобил иловаси орқали қайтариб олиш мумкин.
Ш.Маматуропова,
ЎзА