Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида давом этаётган Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчи иккита медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммадқодир Тоштемиров -81 килограмм вазн тоифаси “А” гуруҳ беллашувларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.

Дунёнинг энг кучли оғир атлетикачилари билан кураш олиб борган ҳамюртимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров даст кўтаришда 165 кило тошни бўйсундириб, кумуш медални қўлга киритган бўлса, умумий ҳисобда 355 килограмм натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Жаҳон чемпионатининг кумуш ва бронза медалларига эга чиққан маҳоратли оғир атлетикачимиз шарафига Ўзбекистон байроғи юксалди.

Айтиш лозим, жаҳон чемпионатида Европа давлатларидан 168 нафар, Америка қитъасидан 125, Африка мамлакатларидан 38, Океания минтақасидан 5 нафар оғир атлетикачи иштирок этмоқда.

Оғир атлетика бўйича йилнинг энг сўнгги нуфузли мусобақаси бўлган мазкур дунё биринчилигининг кейинги кунларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Сарварбек Зафаржонов -89 килограммда, Шарофиддин Амриддинов ва Руслан Нуриддинов -109 кило оғирликда, Турсуной Жабборова аёллар ўртасида -87 килограмм вазнда ўз омадини синовдан ўтказади.

Баҳслар 15 декабрга қадар давом этади

Т.Рўзиев,

ЎзА