Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан “Маҳаллий Кенгаш ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини янада ривожлантириш” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда депутатлар, вазирликлар, идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Ўтемисов  ва бошқа сўзга чиққанларнинг таъкидлаганидек, бугунги кунда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни, ислоҳотларни амалга оширишда, қабул қилинаётган дастурлар ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни барча соҳаларда янада жадаллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлашни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш ҳамда фуқароларнинг тиббий, ҳуқуқий билимларини ошириш ва бошқа бир қатор эзгу ишларда фаол иштирок этмоқда.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, унинг институтларини давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ошириш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий асослар ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг устувор институтларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Жамоатчилик назорати ва жамоатчилик фикрини ўрганишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ислоҳотлар жараёнларининг барча иштирокчилари учун конструктив мулоқот майдони бўлиб, уларнинг фаолиятини бирлаштиришга, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда.

Тадбир иштирокчилари бу борада ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири