«Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ижросини мониторинг қилиш бўйича Болалар омбудсмани раҳбарлигидаги идоралараро ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда.
Ишчи гуруҳ таркибида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази ва Болалар ташкилоти вакиллари фаолият кўрсатмоқда.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишида республикамизда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишнинг реал ҳолати ҳамда бу борада масъул давлат органлари томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Хусусан, 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 16 минг нафар ўқувчи ўртасида ўтказилган сўровда ҳар 10 нафар боладан 8 таси бевосита ўз уйида интернетга уланишини билдирган.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қонун талаблари бузилган ахборотларни бартараф этиш талаби билан 606 хабарнома юборилган.
Мазкур йўналишда 5 минг 250 ахборот ресурсининг идентификация маълумотлари тақиқланган ахборот мавжуд бўлган бутунжаҳон Интернет тармоғининг ахборот ресурслари реестрига киритилгани билдирилди.
Йиғилиш якунида ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА