Германия Федератив Республикасига ишчи ташрифи доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бугун Гамбург шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон-Германия Иқтисодий палатаси расмий очилиши маросими ва биринчи йиғилишида иштирок этди.

Учрашувда ГФРнинг яшил энергетика, озиқ-овқат саноати, логистика ва таълим соҳаларида фаолият юритувчи етакчи бизнес вакиллари иштирок этиб, 20 дан зиёд немис компанияси палатага аъзо бўлиш истагини билдирд. Бу мезбонларнинг Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларга жиддий қизиқишидан далолат.

Тадбир доирасида қатор янги ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, 2025 йил январда юртимизда ташқи меҳнат миграцияси форуми ташкил қилиб, анжуман доирасида немис тилини яхши биладиган ўзбек мутахассисларини Германияда меҳнат фаолияти олиб бориш ва амалиёт ўташга жалб қилиш кўзда тутилган. Форум кадрлар тайёрлаш ва касбий маҳоратни ошириш соҳасидаги ҳамкорликни таъминлашда муҳим қадам бўлиши кутиляпти.

Келаси йил Гамбургда Наврўз байрамини кенг нишонлаш режалаштирилди. Ташкил этилишида Ўзбекистон-Германия иқтисодий палатаси ҳам фаол қатнашадиган мазкур тадбир Ўзбекистоннинг маданияти, анъаналари ва туризм салоҳиятини ушбу давлатда тарғиб қилишга қаратилган.

Янги ташкил этилган тузилма икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек ишбилармон доиралар ўзаро манфаатини илгари суриш учун ажойиб имконият яратади.