Бугун Доҳа шаҳрида 2025 йил 20-21 май кунлари Тошкентда “М360 Eurasia 2025” тадбирини ўтказиш бўйича уч томонлама англашув меморандуми имзоланди.Маросимда Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, GSMA бош директори Матс Гранрид, “Beeline Uzbekistan” директорлар кенгаши раиси ва VEON Group бош директори Каан Терзи ўғли ҳамда бош директор Андрей Пятахин иштирок этди.
GSMA томонидан тақдим этилган М360 лойиҳаси минтақавий мобил экотизимни бирлаштирадиган қатор глобал тадбирларни мужассам этади. Анжуман ижобий ишбилармонлик муҳитини яратадиган, жамиятни ўзгартирадиган инновацияларни кашф қилиш, ишлаб чиқиш ва тақдим этишга қаратилган.
– “М360-Евросиё” учун минтақамиз чорраҳаси – Тошкент шаҳрида мобил экотизимни қабул қилишдан мамнунмиз, – деди вазиримиз “Dohanews” нашрига берган интервьюсида. – Ўзбекистонда нафақат мамлакатимиз гуллаб-яшнашига ҳисса қўшадиган, балки минтақамиз тараққиётини тезлаштирадиган улкан рақамлаштириш дастури мавжуд. Биз мобил тармоқнинг айни жараённи амалга оширишдаги аҳамиятини қадрлаймиз.
– “М360 Eurasia” экотизим алоқа, рақамли хизмат ва технология ёрдамида қандай ривожланиши мумкинлигини ўрганиш учун қулай минтақавий платформа, – деди Каан Терзи ўғли. – Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўсувчан бозорида рақамли трансформацияни амалга ошириш имконига эга гуруҳ сифатида ушбу муҳим анжуман Тошкентда муваффақият қозонишига ишонамиз.
– Мазкур воқеа Марказий Осиёда рақамли трансформацияни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатимизнинг муҳим босқичидир, – деди Матс Гранрид. –Ушбу саммит мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, обрўсини мустаҳкамлаш, кўпроқ компания ва сармоядорларни жалб қилиш, шунингдек бизнес ва иқтисодиётни, ижтимоий ҳаётни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Б.Худойбердиев,
ЎзА