Шу кунларда Россия Федерациясининг Новосибирск шаҳрида бильярд спорт тури бўйича жамоалар ўртасида жаҳон кубоги баҳслари ўтказилмоқда. Дунёнинг энг кучли бильярд жамоалари қаторида юртимиз вакиллари ҳам ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.
– Бугун, 20 октябрь куни Жамолиддин Қўчқоров ва Нурбек Саломовдан иборат жуфтлик илк саралашда Ҳиндистон жамоасини 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Шундан кейин Россия-9 жамоаси билан куч синашди. 6:4 кўринишида ҳамюртларимиз кейинги босқич масаласини ҳал этиб, 1/16 финал босқичига йўл олди, – дейди Ўзбекистон бильярд федерацияси раиси Ўткир Комилов.
Жаҳон чемпионатининг 1/16 финал босқичида ҳамюртларимиз Туркманистон вакиллари билан рўбарў келди. Шиддатли ва ўзига хос кечган ўйинда терма жамоамиз аъзолари туркманистонлик бильярдчиларни 7:6 ҳисобида доғда қолдирди.
Эртага, 21 ноябрь куни жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичида ҳамюртларимиз Россия жамоаси билан баҳс олиб боради.
Т.Рўзиев, ЎзА