Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги таэквондо WT бўйича Ўзбекистон чемпионати якунланди.
Сўнгги кунги баҳсларда вазни 48 кг. бўлган Дилмурод Маъруфжонов финал баҳсида Азиз Сатторовни мағлуб этиб, мамлакат чемпионига айланди. Ушбу вазн тоифасида ярим финалга қадар етиб борган Михаил Ли ва Константин Бростовский чемпионатнинг бронза медалига сазовор бўлди.
Қизлар орасидаги -44 кг. вазндаги беллашувларда Валерия Хегай олтин медаль учун ўтган жангда Омина Эргашевани таслим қилди. Шунингдек, Одина Жўрабоева ҳамда Комила Султонова кучли учликдан жой олди.
Мамлакат чемпионати доирасида Султонбек Тошпўлатов, Зилолиддин Фазлиддинов, Аҳаджон Мухторов, Жавоҳирхон Хидоётов йигитлар ўртасида, Лайло Ҳасанова, Мубина Бобосаидова, Суғдиёна Йўлдошева ҳамда Гулзора Амирова қизлар орасида мамлакат чемпионати ғолибига айланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА