Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳолини узлуксиз ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб масаласи ҳисобланади.

Айниқса, табиий газ ва электр энергиясини талон-тарож қилинишини олдини олиш, йўқотишларни барвақт аниқлаш борасидаги ишлар талаб даражасида бўлмоғи лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси мутасаддилари энергия ресурсларининг талон-торож қилинишини олдини олиш, уларга барҳам бериш бўйича ташкил этилган республика ишчи гуруҳи билан махсус ускуналар ёрдамида Нукус туманида ўтказилган ўрганишларда ўрта ва юқори босимли газ тармоқларидаги носозликлар сабабли табиий газдан йўқотиш юзасидан 17 та ҳолат аниқланиб, бартараф қилиниши таъминланди. Ўрганишлар республиканинг барча ҳудудларида амалга оширилиб, кейинги икки кун ичида жами 51 та ҳолатда табиий газдан йўқотишлар аниқланди.

Соҳага оид ишларни жадаллаштиришга салбий таъсир қилаётган муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф қилиш, ҳудудлардаги ишчи гуруҳлар фаолиятини самарадорлигини оширишга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича масъулларга муддатлари белгиланган топшириқлар берилди.

Шунингдек, масъуллар Тахиатош туманидаги газ қувурларидаги носозликлар орқали юзага келадиган йўқотишларнинг олдини олиш ишлари билан танишди.

Тадбирларга 7 та отряд, 20 та техника ҳамда 100 нафардан ортиқ ишчи кучи сафарбар этилган бўлиб, мақсад, 1,2 миллион м3 табиий газ иқтисод қилинишига эришишдир. Ўрганиш давомида масъулларга ишларни ҳар томонлама сифатли ва жадаллик билан ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири