Бугун Ўмон Султонлиги Шонли миллий байрамининг 54 йиллигини ҳарбий парадга раислик қиладиган Султон Ҳайсам бин Ториқ бошчилигида Ал-Сумуд майдонида кенг нишонламоқда.
Бутун мамлакат учун муҳим бўлган бу кунда ўмонликлар Уйғониш даври яратувчиси, замонавий ва илғор давлат барпо этган шахс, марҳум Султон Қобус Бин Саид Бин Таймурни ёд этади. У турли соҳаларда ривожланган замонавий давлатга асос солган. Султон Қобус бин Саид 2020 йил 11 январда вафот этди. Шу куни подшоҳлик оиласи кенгаши марҳум Султонга ҳурмат ва миннатдорлик ифодаси сифатида Султон Ҳайсам бин Ториқ ҳазрати олийларини тасдиқлаш қарорини қабул қилди. Шу тариқа Ўмонда ҳокимият алмашинуви ҳеч қандай муаммосиз, силлиқ кечди. Шундан кейинги дастлабки ўн ой ичида “Ўмон нигоҳи-2040” билан ҳамқадам бўлиш мақсадида давлат бошқаруви тиизими қайта шакллантирилиб, турли соҳаларни қатъий ирода ва тинимсиз қатъият билан янгилашга киришилди.
Садоқатли Ўмон халқи янги раҳбар билан янги марраларни забт этиш, турли жабҳаларда салмоқли ютуқларга эришишда давом этмоқда. Мамлакат бунёдкорлик ва тараққиёт йўлидан одимлашда давом этяпти.
Бу кун Қобус бин Саиднинг таваллуд кунига тўғри келади. 1970 йил ҳокимият тепасига келган Қобус султонликни тиклаш жараёни бошланганини эълон қилди. Натижада замонавий давлат қуриш босқичи бошланди. Ҳукумат иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларни яхшилаш, қарзни камайтириш ва ялпи ички маҳсулотни оширишга муваффақ бўлди. Жорий йил август ойи охирига келиб, давлат даромади тахминан 8 миллиард 106 миллион Ўмон риёлини ташкил этиб, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 183 миллион кўпайди. Яна қатор кўрсаткичлар бўйича олдинга силжиш кузатилди: давлат “Heritage Foundation” Иқтисодий эркинлик индексида 39 поғона кўтарилиб, дунёда 56-ўринга жойлашди, Тадбиркорлик индексида 2022/2023 йиллардаги натижадан 27 банд кўтарилди, Атроф-муҳит самарадорлиги индексида глобал миқёсда 50-ўринни эгаллади. Таълим соҳасида Султон Қобус университети аввалги ҳисоботдан 92 поғона юқорилаб, 362-ўринни эгаллади.
Ўмон Султонлиги Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил декабрда тан олган. Мамлакатларимиз ўртасида 1992 йил 22 апрелда дипломатик муносабат ўрнатилган. Икки давлат алоқалари доимий ўсиш хусусияти билан ажралиб туради. Бу ҳамкорлик дўстлик, ўзаро ишонч тамойилига асосланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА