Нукус шаҳридаги марказий майдонда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда вазирликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ҳарбийлар, ёзувчи-шоирлар, санъат арбоблари, талаба-ёшлар, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Мамлакатимиз байроғи эзгулик, донишмандлик, поклик, садоқат, гўзаллик, тинчлик, янгиланиш каби ҳис-туйғуларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Шундай экан, юртимиз байроғини асраб-авайлаш, уни улуғлаш ва баландларга кўтариш ҳар биримиз учун она Ватан олдидаги фарзандлик бурчдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз байроғи остида халқимиз ҳаётида, инсонларнинг маънавий оламида катта ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда. Бугунги кунда фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлида юртимизнинг барча ҳудудлари қатори Қорақалпоғистон учун ҳам чинакам янгиланишлар даври сифатида катта эътибор қаратилаётгани бунинг яққол мисолидир.

Тантанали тадбир санъат усталарининг байрам концерт дастури билан давом этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА